Ҳарбий хизматга 2007 йили борганман. Тўғриси, бир ойлик ҳарбий хизмат сифатидан қониқмаганман. Номигагина ўтказиладиган сиёсий, тактик тайёрлов дарслари ё камлик қилган, ё унчалик фойда бермаган. Бир ойнинг 8 куни пахта теримида ўтган. Овқатланиш, айниқса ювиниш ва ҳожатхона шароитлари яхши эмас эди. Лекин ҳарбий тайёргарлик, полигонга 30 километр бориш-келиш, Калашников автоматидан жанговар ўқ отиш ҳар бир аскарнинг ёдида қолган.
Кеча Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган “Фориш” полигонига пресс-турга бориб, яна ҳарбийлар ҳаётига кириб, илк ўйлаганларим шулар бўлди. Эски хотиралар оқ-қора ленталар каби хаёлимдан ўтди.
Бу йил биринчи марта Жиззах вилоятининг “Фориш” халқаро умумқўшин полигони базасида 5-Халқаро Армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” босқичи ўтказилади. Унда 12 та давлатдан 211 нафар ҳарбийлар иштирок этади. “Ҳарбий-тиббий эстафета” – ҳарбий врачлар ва тиббий бўлинмалар орасидаги ўқ отиш, махсус тиббий кўникмаларни (биринчи ёрдам, ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш) бажариш бўйича мусобақадир.
2019 йилнинг 3-17 август кунлари ўтказиладиган 5-Халқаро Армия ўйинлари 10 та давлат ҳудудида ўтказилади. Унда 32 та йўналиш бўйича 85 давлатдан келган 6000 дан ортиқ иштирокчилар қатнашади. НАТОга аъзо давлатлардан қатнашчилар йўқ.
Қарийб 10000 гектардан иборат бўлган “Фориш” полигонида 5-Халқаро Армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” босқичига пухта тайёргарлик кўрилибди. Пресс-клуб, спорт заллари, стадион, бассейн, ошхона, ётоқхона, меҳмонхона шароитларини кириб кўрдик. Ҳозир юртимизда бўлаётган халқаро фестивалларда урф бўлганидек, полигон ҳудудида ҳам вилоятларимизни тамсил қилувчи стендлар ташкил этилибди. Унда ҳар бир вилоятнинг маданияти, тарихини акс эттирган макетлар жойланган. Бу келадиган меҳмонларга қизиқ бўлса керак.
Медиа-тур аввалидан Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов бизни кутиб олиб, ҳар бир объект билан таништирди. 42 ёшли генерал журналистлар билан жуда киришимли экан. 16 тонналик “Тайфун” ҳарбий зирҳли машинасини ўзи бошқариб, бизни олиб юрди.
Аскар ва офицерлар мусобақалар ўтадиган майдонда ҳарбий техника машқларини кўрсатиб бердилар. Фориш тоғлари ёнбағридаги отув машғулоти базасида Макаров пистолетидан жанговар ўқ отиб нишонларни мўлжалга олишга ҳаракат қилдик. Инструкторнинг айтишича, мўлжални аниқ нишонга олибман. Мени хурсанд қилиш учун шундай дедими, ё ҳақиқатдан ҳам тегдими билмадим.
Ўқ отиш – адреналин. Чехов айтганидек, ҳикояда милтиқ кўриндими, у албатта отилиши керак. Инсон психологияси шунақа: қўлда ўқ ва қурол турибдими, ўз-ўзидан уни отгингиз келиб қолади. Энг ёмони эса, қаршингиздаги объектнинг жонли бўлиши. Шундай экан, ўз-ўзини мудофаа мақсадида бўлса-да, ўқотар, инсон танасига зарар берувчи қуроллардан фойдаланишга рухсат беришга ҳали эрта деб ўйлайман. Жамиятимиз бунга ҳали тайёр эмас.
Эндигина 5 ой хизмат қилган аскарларнинг чиқишларини томоша қилдик. Жисмонан бақувват, чайир, спортчи йигитлар. Танлаб олингани билиниб турибди. Баъзилари билан алоҳида гаплашдим. Шароитларни мақташди. “Хизматдан кейин ишга қолмоқчиман. Ватан ҳимоясига озгина ҳиссам тегсин” дейди 18 ёшлардаги йигитча. Унинг кўзларидаги самимиятни кўриб, хурсанд бўлдим.
Энг яхши аскар — халқи яхши кўрган, “аскарим”, “ҳимоячим” дея ҳурмат қиладиган, Ватаннинг бир сарҳадини ҳимоя қилиб, (Аллоҳ кўрсатмасин) ҳалок бўлганда “шаҳидим” дея юрт кўз ёш тўкадиган аскардир. Йигитларни кўриб, улар ҳам халқ суйган ҳақиқий аскар бўлишларини ният қилдим.